Бугун, 29 май куни Озарбайжонда таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпионати бошланмоқда.
Кеча, 28 май куни ўтказилган Жаҳон таэквондо федерацияси Бош ассамблеяси йиғилишида 140 дан ортиқ мамлакат таэквондо федерациялари раҳбарлари қатори Ўзбекистон WT таэквондо ассоциацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев ҳам қатнашди.
Ассамблея йиғилишида Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг очколари ўйналадиган октябрь, ноябрь ва декабрь ойларидаги Гран-при турнирлари, Хитой очиқ чемпионати, Катта дубулға мусобақаси ҳамда Жаҳон кубоги баҳсларини юқори савияда ўтказиш, шунингдек, ўсмирлар ўртасида дунё биринчилигини ташкил этиш, 2028 йилга қадар спортчилар учун муҳим ҳисобланган турнирлар режаси кўриб чиқилди.
Ўтган йили таэквондо бўйича ташкил этилган мусобақалар, оммавий тадбирлар сарҳисоб қилиниб, тадбирларни юқори савияда ташкил этган давлатлар қаторида Ўзбекистон номи ҳам қайд этилди.
Анжуман якунида жаҳон чемпионатининг бир қатор вазнларига қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Қуръа натижаларига кўра, бугун чемпионатнинг биринчи кунида эркаклар ўртасида 68, аёлларда эса 57 килограммда ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Бугунги беллашувларда ҳамюртларимиздан Токио-2020 Олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитов ҳамда Мадина Мирабзалова юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Улуғбек Рашитов илк жангини камерунлик Уилфрид Макентчоу ва Малави вакили Жозеф Фири жуфтлигининг ғолиби билан баҳсни бошлаб берса, Мадина Мирабзалова эронлик Тина Моданлога қарши кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 26-бор ўтказилаётган жаҳон чемпионатида юздан зиёд давлатнинг мингга яқин таэквондочилари 16 вазн тоифасидаги медаллар жамланмаси учун баҳс юритади.
Жаҳон чемпионати 4 июнга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА