Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, ўтган йил БМТ тинчликпарвар кучларининг 103 ходими ҳалок бўлган.

Бош котиб Антониу Гутерриш 29 май куни нишонланадиган Халқаро тинчликпарвар кучлари куни арафасида Нью-Йоркдаги қароргоҳда чиқиш қилиб, жумладан шундай деди:

– БМТ тинчликпарвар кучлари аъзолари бошқаларни қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишади. Улар можаро марказида қолган оддий аҳолининг умиди ва ҳимоячиси. Хавфсизлик, барқарорлик ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлайдиган ҳаракатдаги кўп қирралиликнинг рамзидир. Ҳар йили БМТ Халқаро тинчликпарвар кучлари куни бизга дунёнинг энг хавфли ҳудудларида тинчлик учун курашаётган аёллар ва эркаклар хотирасини ҳурмат қилиш имконини беради.

Хабарда айтилишича, махсус маросимда Гутерриш БМТ байроғи остида хизмат қилиш чоғида жон берганлар хотираси шарафига гул қўйган. У 2022 йил ҳалок бўлганларни вафотидан сўнг Даг Хаммаршельд медали билан тақдирлаган.
Бу йил БМТ тинчликпарвар операциялари ўтказила бошланганига 75 йил тўлди. Бугунги кунда БМТнинг 12 миссиясида дунёнинг 125 давлатидан 87 мингдан зиёд “кўк дубулға”ли фидойи хизмат қилмоқда.

1948 йил 29 май, яъни Яқин Шарқда илк тинчликпарвар миссия ташкил этилгандан буён БМТ байроғи остида 4 минг 200 дан ортиқ хизматчи ҳалок бўлди. Улардан 103 нафари нотинч ҳудудларда жонини қурбон қилган.

– Ҳарбийлар, полиция ва фуқаролик хизмати ходимлари БМТ миссиясига дунёнинг 39 мамлакатидан келган, – қўшимча қилди бош котиб. – Уларнинг бари инсоният олдидаги бурчимизни юракдан ҳис этган одамлар. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, дўстлари, ҳамкасблари ва мамлакатларига таъзия билдириб, чуқур ҳамдардлик изҳор этаман. Уларнинг хизмати ва фидойилигини ҳурмат қиламиз.

Шунингдек, бош котиб “Энг яхши гендер фаоли” мукофотини ҳам соҳибига –Судан ва Жанубий Судан чегарасидаги баҳсли ҳудудда Муваққат хавфсизлик кучлари взводига раҳбарлик қилган ганалик 32 ёшли капитан Сесилия Эрзуага топширди.

2016 йил таъсис этилган ушбу мукофот БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида”ги 1325-резолюцияси тамойилини илгари суришда тинчликпарвар кучлар фидойилиги ва самарали саъй-ҳаракатини эътироф этади.

С.Раҳимов,

ЎзА