Малайзиянинг йирик кундалик нашри – “The New Straits Times” саҳифасида “Йил охиригача “Batik Air” Куала-Лумпур ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри қатновни йўлга қўяди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

“Batik Air” (собиқ “Malindo Air”) лоукостер авиакомпанияси стратегик ривожланиш бўйича директори Чандран Рама Мути ушбу авиа ташувчи Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига учта рейс қўйишни режалаштираётгани, ғоя шу йил ноябрь ёки декабрь ойида амалга ошишини маълум қилган.

Мулозим газета мухбири билан суҳбатда билдиришича, айни пайт компания Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти расмийлари билан парвозни бошлаш учун рухсат олиш мақсадида музокара олиб боряпти.

– Олмаота билан таққослаганда Тошкент анча катта бозор, – дейди Чандран Рама Мути. – Тошкент халқаро аэропорти эса Ўзбекистондаги энг йирик халқаро аэропорт бўлиб, 2019 йил йўловчи ташиш кўрсаткичи бўйича Марказий Осиёда учинчи ўринни эгаллади. Яқинда “Uzbekistan Airports” АЖ Сингапурнинг “Changi Airports International” компанияси билан Тошкент халқаро аэропортини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганини эълон қилди. Умуман, Ўзбекистонда туризм саноати жадал ривожланмоқда.

Мақолада таъкидланишича, Тошкент халқаро аэропорти билан бир қаторда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳам парвозни бутун дунё бўйлаб, жумладан Куала-Лумпургача ҳам кенгайтирмоқда.

Авиакомпания 2022 йил ноябрдан бошлаб ҳафтасига икки марта Тошкент – Куала-Лумпур йўналиши бўйича тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйди. Тошкентдан Париж, Милан, Пекин, Токио ва Жакартага ҳам парвоз қилинмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси июнь ойидан Бангкок шаҳрига парвозни тиклайди.

“Batik Air” “Куала-Лумпур – Тошкент” йўналишида “Боинг” компаниясининг тор фюзеляжли “B737 МАХ8” ёки “Airbus”нинг кенг фюзеляжли “A330” самолётларидан фойдаланиши мумкин. Зеро, бу учоқлар 8,5 соатгача парвоз қила олади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, мамлакатнинг энг кўҳна газеталаридан бири ҳисобланган “The New Straits Times” 1845 йил Малайзиядаги ягона инглиз тилли, кўп саҳифали нашр сифатида ташкил этилган. Кундалик тиражи 200 минг нусхадан ошади. Электрон нашрининг кундалик ўқувчилари сони 5 миллиондан ортиқ.

ЎзА