Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Республика техник ва амалий спорт турлари маркази бош директори А.Курбаниязов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Зарикеев ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу чемпионат янада завқли ва таассуротларга бой ўтишига ишонч билдириб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Чемпионатни ташкил этишдан асосий мақсад туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилишдан иборат. Бундан ташқари, раллини ташкил этиш орқали туманда туризм соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналарни ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Чемпионат доирасидаги мусобақаларда мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ва хориждан келган спортчилар икки тоифадаги автомобилларда беллашади.
“Rally Muynak – 2023″ автомотоспорт мусобақаларида 120 нафардан ортиқ автомотоспорт усталари 40 дан ортиқ автомобиль, 25 дан зиёд мотоцикл ва 15 дан ортиқ “Багги”да иштирок этади.
Ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совринлари топширилади. Шунингдек, ғолиблар, мураббийлар ва ҳакамларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ўтказилаётган ушбу чемпионат 28 май куни якунланади.
М. Қосимова ЎзА