Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Rally Muynak – 2023” авторалли бўйича Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳамда Қозоғистон Республикасидан 120 нафардан зиёд автомотоспорт устаси иштирок этмоқда.

Мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Р.Зарикеев, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти республика техник ва амалий спорт турлари маркази бош директори А.Қурбаниязов сўзга чиқиб, ишгтирокчиларга омад тилади.

Шундан сўнг мусобақага старт берилди. Дастлаб двигател ҳажми 1600 см3гача “А-8” ва двигател ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфлари бўйича автомобиллар пойгага чиқди. Шунингдек, двигател ҳажми 2000 см3гача “Багги” ва двигател ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мотоцикллар бўйича ҳам мусобақалар бошланди.

Ғолиб ва совриндорлар 28 май куни аниқланади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА