Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги ўзбек белбоғли кураши, қирғиз “Алыш”и ҳамда қозоқ халқининг “Қазақ куреси” бўйича Жиззах шаҳри илк бор мезбонлик қилган катталар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, Осиё белбоғли кураш конфедрацияси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақанинг сўнгги кунидаги баҳсларда “Қазақ куреси”  бўйича эркаклар ўртасида 8, аёллар ўртасида 7 вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Ярим тунга қадар давом этган “Қазақ куреси”  бўйича Осиё чемпионатида жами 100 нафар  спортчи кураш гиламга чиқди. Аёллар ўртасидаги баҳс муросасиз беллашувларга бой бўлди. Унда Улбусин Ҳакимова (Ўзбекистон) 48 килограмм вазн тоифасида, Арузхан Адазхан (Қозоғистон) 52 килограммда, Рауза Нурмаҳмадиева (Қозоғистон) 56, Ибодатхон Агазхонова (Ўзбекистон) 60, Мухлисахон Қодирберганова (Ўзбекистон) 65, Роза Нусантакязу (Қозоғистон) 70, Филура Эргашева (Ўзбекистон) 77 килограммда ва  Албина Бакиева (Қозоғистон) 77 килограммдан ортиқ вазн тоифасида Осиё чемпиони бўлди.

Эркаклар ўртасида эса 55 килограммлик полвонлар баҳсида Хуршидбек Чориев (Ўзбекистон), 60 килограммликлар баҳсида Ернур Сулейман (Қозоғистон), 66 килограммгача вазн тоифасида Манушер Ширинов (Ўзбекистон), 74 килограммлик полвонлар ўртасида Зумазхан Козамбеков (Қозоғистон), 82 килограммгача бўлган курашчилар орасида  Умид Эсонов (Ўзбекистон), 90 килограммликлар беллашувида  Суруш Каримов (Тожикистон),  100 килограммгача спортчилар ўртасида Марат Баикаримов (Қозоғистон) ва мутлақ (100 килограммдан ортиқ) вазн тоифасида Нурдаулет Зарюлгапов (Қозоғистон)ларнинг қўли баланд келиб, Осиё чемпиони деган унвонга сазовор бўлди.

“Қазақ куреси”  бўйича Жиззахда ўтган Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида аёллар ўртасида 4 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медаллари билан Ўзбекистон терма жамоаси биринчи, 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан Қозоғистон аёллар терма жамоаси иккинчи ўринни олди.

Эркаклар ўртасида эса умумжамоа  ҳисобида Қозоғистон терма жамоаси 4 та олтин, 2 та кумуш,  1 та бронза медали билан биринчи, 3 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

“Қозоқ куреси” бўйича Осиё чемпионати якунига етгач,  кучли учликдан жой олган полвонлар диплом  медаль ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Жорий йилнинг 25 майидан 26 майига ўтар кечаси бўлиб ўтган тантанали ёпилиш маросимидан сўнг Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги ўзбек белбоғли кураши, қирғиз “Алыш”и ҳамда қозоқ халқининг “Қазақ куреси” бўйича Жиззах шаҳри илк бор мезбонлик қилган катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ниҳоясига етди.

Абдужалол ҚАЮМОВ,

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА