Ўзбекистон эксперти жаҳон матбуотида

Хитойда инглиз тилида 1,5 миллион нусхада чоп этилиб, бутун дунёга тарқатиладиган кундалик машҳур “Global Times” газетасида таниқли давлат ва жамоат арбоби, дипломат, атоқли олим, проффесор Саидмухтор Саидқосимовнинг “Хитой – Марказий Осиё” саммитига бағишланган интервьюси эълон қилинди.

Дунёда парчаланиш тенденцияси кучайиб бориши хавфи юзага келган бир пайтда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш руҳининг устуворлигига бағишланган материалда Сианда ўтган биринчи саммит энг йирик дипломатик тадбирлардан бири – шубҳасиз, жаҳон сиёсати ва халқаро муносабатлардаги улкан ижобий воқеа бўлганига урғу қаратилган.

– Юқори даражадаги йиғилишнинг глобал аҳамияти ўзаро ишончни, манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, Осиёдаги катта минтақа доирасида халқларни яқинлаштириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейилади мақолада. – Саммит қадимий Сиань шаҳрида ўтказилгани чуқур рамзий маънога эга. Ҳикоятларга кўра, машҳур Ипак йўли шу ердан бошланган. Шаҳар ҳозир савдо, иқтисодиёт, энергетика, фан каби соҳаларда режалаштирилган йирик қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг асосий маркази сифатида кўриляпти.

Муаллиф, шунингдек, Хитой кўп йиллардан буён мамлакатимизнинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири мавқеини мустаҳкам эгаллаб келаётганига урғу берган. Давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро келишувга эришилгани, икки мамлакат компаниялари иштирокида саноат кооперацияси, инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, транспорт, фармацевтика, телекоммуникация, қўшма юқори технологияли саноат парклари ташкил этиш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилган.

Дарҳақиқат, сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги стратегик шериклик жадаллашиб, барқарор тус олди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли маҳсулот айирбошлаш миқдори 140 баробар ошган. Хитойнинг иқтисодиётимизга киритган сармояси 2017 йилдан бошлаб беш баробар ортган.

С.Саидқосимов интервьюсида ўқувчилар диққатини Хитойнинг кенг кўламли ислоҳотлари, тарихий ютуқлари, жаҳоннинг иккинчи йирик иқтисодиёти сифатида эришаётган муваффақиятлари Марказий Осиёда жиддий қабул қилинишига жалб этган.

– “Хитой модернизацияси” концепцияси ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилиниши инсоният тараққиётига хизмат қилувчи туб янги, интеграциялашган модел шаклланишига олиб келади, – дейди эксперт.

Яна бир муҳим жиҳат: профессор мақолада “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлиги формати, шубҳасиз, минтақада ишончли хавфсизлик ва барқарорликни биргаликда қўллаб-қувватлаш, терроризм, сепаратизм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибер жиноятчиликка қарши курашда яхши самара беришига ишонч билдирган.

ЎзА мухбири

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.