Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 722 та умумтаълим мактабларида “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.

Мана шундай тадбир Нукус шаҳридаги 46-сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди. Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, катта ҳаётга қадам қўяётган битирувчи ёшларни, уларнинг устозлари ва ота-оналарини самимий муборакбод этди ва давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратиш борасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг умумий ўртатаълим мактабларининг битирувчи ёшларига йўллаган табригини ёшларимиз катта хурсандчилик билан қарши олди. Унда қайд этилганидек, ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган ёшлар янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир.

– Жорий    ўқув     йили   битирувчилар  учун   омадли   келди, – дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари  Алмас Пурханов. – Мактабимизнинг 11 синфини 200 нафар ўқувчи битираётган бўлса, шундан 26 нафари муддатидан олдин АҚШ, Венгрия ва бошқа бир қатор хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларининг мамлакатимиздаги филиалларига қабул қилинди. Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилида  95 нафар ўқувчи инглиз тилидан халқаро IELTS сертификатини олишга муваффақ бўлди. 8 нафар ўқувчи олтин, 11 нафар ўқувчи кумуш медал билан битирмоқда.

Тадбирда ўқув йили давомида муваффақиятга эришган битирувчилар, уларнинг устозлари билан ота-оналарига эсдалик совғалари топширилди

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА