Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида футбол ва мини футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаси якунланди ва ғолиблар тақдирланди.

Ёшлар ўртасида спортнинг футбол ва мини футбол турини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаси ўтказилди. Мазкур мусобақада ўғил болалар билан бир қаторда қизлар жамоалари ҳам иштирок этди.

Муросасиз ўтган баҳсларда ғолиб жамоалар аниқланди. Футбол бўйича “Шимом” фуқаролар йиғини жамоаси, мини футбол бўйича ўғил болалар ўртасида “Дўстлик” фуқаролар йиғини жамоаси, қизлар ўртасида “Тинчлик” фуқаролар йиғини жамоалари ғолиб бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди. Жаҳонгир Тангатаров футбол бўйича “Энг яхши дарвозабон”, Умид Матсапаев “Энг яхши ўйинчи”, Нематулло Ибраҳимов мини футбол бўйича “Энг яхши дарвозабон”, Сардор Худайбергенов “Энг яхши ўйинчи” номинациясини қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг кубок ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Тадбирда санъат усталари иштирокидаги концерт дастури барчага манзур бўлди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири