Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида МСК Раиси иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев референдум бошлангани хусусида маълумот берди.

Қайд этилганидек, юртимиздаги барча референдум ўтказувчи участкаларда овоз бериш жараёнлари фуқаролар фаоллигида бошлаб юборилди. Мазкур референдумда сайловчилар ягона электрон рўйхатига 19 миллион 722 минг 809 нафар овоз берувчи фуқаролар киритилган. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги 55 та референдум участкаларида 307 минг 895 минг фуқаро рўйхатга киритилган.

Таъкидланганидек, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун 2023 йил 19-26 апрель кунлари муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилди. Унда 611 минг 320 нафар фуқаролар муддатидан олдин овоз берди.

Шунингдек, брифингда халқаро кузатувчилар ҳамда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари борасида ҳам маълумот берилди. Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан 964 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилган. Улар айни пайтда ҳудудларда овоз бериш жараёнларини кузатиб, ёритиб боришмоқда.

Брифингда қайд этилганидек, шу пайтга қадар овоз бериш жараёнларида қонунчилик бузилгани ҳақида маълумот келиб тушгани йўқ. Агар қонунчилик бузилиш ҳолати кузатилса, суд ва прокуратура органларига мурожаат қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Муҳтарама Комилова, 
ЎзА