Шавкат Мирзиёев: фарзандларимиз соғлом ўсиши керак

Президентимиз Гулистон шаҳридаги сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қурилган ёпиқ сузиш ҳавзасини бориб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисидиги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, мазкур вилоятда сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди.

Спорт масканидаги сузиш ва сувга сакраш машқлари учун 25х11 ҳамда 6х12,5 ўлчамдаги сузиш ҳавзалари, баландликдан сувга сакраш спорт тури учун алоҳида зал қурилган бўлиб, бу ҳовузнинг ҳажми 12х10 метр ва ёш спортчилар сувга сакраши учун уларга мослаб 1,3 ва 5 метр баландликда трамплинлар ўрнатилган. Бу ерда ҳам томошабинлар учун 250 ўриндиқ ўрнатилган. Бир кунда 250 кишини қабул қиладиган мажмуа барча жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, тиббиёт хоналари, тренажёр, ошхона ва бошқа хоналарда спортчилар мунтазам шуғулланиши мумкин. Бундан ташқари, сувни тозалаш, иситиш ускуналари ҳам ўрнатилган.

Айни пайтда бу ерда сузиш бўйича ташкил этилган 15 ўқув- машғулот гуруҳига 176 ёш жалб қилинган.

Президентимиз ёпиқ сузиш ҳавзасининг ҳаво айланиш тизимини яхшилаш, шуғулланувчилар эркин ҳаракат қилиши учун шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

 

Умар Асроров, ЎзА