Қозоғистонда спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатининг тўртинчи кун дастури якунланди. Бугунги баҳслар билан аёллар кураши бўйича барча вазн тоифаларидаги беллашувлар ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан кумуш ва бронза медалига сазовор бўлди.

-57 килограмм вазнда чемпионлик учун курашган Лайло Собирова япониялик Нанжо Саега 4:11 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш билан кифояланди. -53 килограмм вазнда бронза медали учун хитойлик Ли Дэн билан баҳс олиб борган Актенге Кеунимжаева 2:6 ҳисобида имкониятни бой бераётган паллада кучли ирода намойиш этиб, беллашувни 9:6 ҳисобида ўз фойдасига ҳал эта олди,– дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг учинчи кунида 50 килограмм вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Жасмина Иммаева кумуш медаль соҳибига айланган, иккинчи кунида эса – 67 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни мағлуб этган Аброр Отабоев олтин медаль билан тақдирланган эди.

Осиё чемпионатининг биринчи кунида эса Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган.

Жумладан, – 63 килограмм вазннинг финалида курашган Шермуҳаммад Шарибжонов эронлик Имрон Муҳаммадига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланган, Ихтиёр Ботиров (- 55 килограмм) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (- 87 килограмм) бронза медали учун кечган баҳсни муваффақиятли якунлаб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишганди.

ЎзА