2021 йилдан бошлаб мамлакатимизда ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимида катта ўзгариш содир бўлди. Зеро, 2020 йил 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда умумтаълим муассасалари 11-синф ўқувчиларини “Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик” фанидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув йилида бир марта ҳарбий полигонга олиб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Бу мамлакатимизда ёшларни армияга тайёрлашда тарихий воқеа сифатида муҳрланиб қолди.

Жорий йил Қорақалпоғистон Республикасидаги 697 та умумтаълим мактабини тамомлаётган 11-синф ўқувчиларидан 8 681 нафар ўғил болалар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги “Нукус” умумқўшин полигонида бир кунлик бошланғич ҳарбий тайёргарлик машғулотларини ўтаб, қуролдан амалий ўқ отиш машқини бажармоқда.

Ёшларнинг дастлабки ҳарбий тайёргарлик бўйича амалий машғулотларини кузатиш учун “Нукус” умумқўшин полигонига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ташриф буюрди.

Жўқорғи Кенгес раиси машғулот олдидан сафда мағрур турган юртимизнинг келажакдаги ҳимоячиларини қутлаб, 11-синф ўқувчиларининг ҳарбий полигонларда бир кунлик амалий машғулот ўтиши йўлга қўйилгани таълим-тарбия йўналишида янги саҳифа очиб берганини таъкидлади.

Ёшларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Жўқорғи Кенгес раиси томонидан қорақалпоғистонлик ёшлар учун жуда катта имкониятлар яратилаётгани, улар туфайли бугун ўғил-қизларимиз юксак марраларни забт этаётганини таъкидлади.

Битирувчи синф ўқувчилари жанговар қуролдан амалда тайёрлов ўқ отиш машқларини бажариб, Ватанни ҳимоя қилиш, ҳарбий хизматга бориш ва ҳаётини шарафли касб билан чамбарчас боғлашга бўлган қизиқиши янада ортиб бораётганини эътироф этди.

Полигонларда яратилган ўқув нуқталарида малакали офицер ва сержантлар раҳбарлигида юқори синф ўқувчиларининг жанговар қуроллар билан муомала қилиши, улардан фойдаланиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши бўйича машғулотлар ташкил этилмоқда. Ўқув нуқталарида гранаталарни улоқтириш, автомат ўқдонини патрон билан ўқлаш, аниқ мўлжалга олишни ўрганиш, турли ҳолатлардан қуролни отишга тайёрлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби машқлар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан бажариляпти.

Биринчи маротаба қуролдан амалий ўқ отиш машқларини бажарган ёшлар 100 метр узоқликда турган нишонларга қарата 3 донадан ўқ узиб, мактабда ўтилган чақириққа қадар бошланғич тайёргарликдан олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлаш имконига эга бўляпти.

Машғулотлар доирасида ўрганувчиларга жанговар техника ва ўқотар қурол намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилмоқда. Ҳақиқий қуроллар билан танишув, уларнинг жанговар имкониятлари ва техник тавсифи ҳақидаги маълумотлар бўлажак юрт ҳимоячиларида катта таассуротлар қолдирмоқда.

Меҳмонлар ўқувчиларнинг ўқ отиш ҳамда жанговар тайёргарликнинг бошқа амалий машғулотларини кузатишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хушкайфият улашди.

Тимур НАРЗИЕВ,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ

матбуот хизмати бошлиғи, подполковник.

ЎзА