Корея Республикасида БМТ таркибидаги ЭКОСОС тузилмасида рўйхатдан ўтган Халқаро нодавлат ташкилот – Самовий маданият, дунё тинчлиги ва ёруғликнинг тикланиши (HWPL) тадбирлари доирасида Тинчлик саммитининг 10 йиллиги бошланди.

Ташкилот матбуот хизмати раҳбари Мария Захарченко ЎзА мухбирига маълум қилишича, анжуман доирасида шу ой охиригача дунёнинг турли бурчакларида 122 давлатни қамраб олган маҳаллий тинчлик тадбирлари ўтказилади.

– Бу йил “Минтақавий ҳамкорлик орқали глобал тинчлик ҳамжамиятини барпо этиш” шиори остида ташкил қилинган тадбир сўнгги ўн йилликда жаҳон етакчилари ва фуқароларининг тинчликка содиқлигини яна бир бор таъкидлайди, глобал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича келажак стратегиясини белгилашга интилади, – дейди М.Захарчнко. – Юбилей дастурлари доирасида ҳар бир мамлакат минтақавий истеъдодларни тўплайди, муайян ҳудудга мос тинчлик стратегиясини ишлаб чиқиш учун зарур тизимлар яратади. Шунингдек, тинчликка маҳаллий таҳдидларни бартараф этиш ва жамоавий салоҳиятни фаоллаштириш учун турли даража ва мавзуларда минтақавий тармоқларни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб сессиялар ўтказади.
10 йиллик халқаро ҳамкорлик доирасида HWPL 105 давлатдаги 1014 ташкилот билан имзоланган келишув меморандумлари (МОА) ёки ўзаро англашув меморандумлари (MOU) асосида тинчлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.

– Дунёвий тинчликни келажак авлодларга мерос сифатида қолдириш учун бирга ҳаракат қилишимиз керак, – дейди HWPL раиси Ли Ман Хи. – Бу глобал ҳамжамиятга ҳаёт бахш этувчи нурга қиёслаш мумкин бўлган масъулиятли вазифани бажариш учун зарур.

Тинчлик ҳақидаги таълим бугунги кунда ўта долзарб, бунга шак-шубҳа йўқ. Иштирокчилар эса ушбу лойиҳа ўқувчилар келажакда жаҳон фуқаролари бўлиб етишиши, муайян жамият ва бутун дунёда тинчлик, барқарорлик пойдеворини яратишга ҳисса қўшади, дея ишонч билдирдилар.

28 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган минтақавий тинчлик саммитида HWPL тинчлик таълими, Тинчликка эришиш ва урушларни тўхтатиш декларацияси каби муҳим лойиҳаларни тақдим этади. Мазкур нуфузли анжуманга давлат идоралари, таълим, ҳуқуқ соҳаси доиралари, жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилган.

С.Раҳимов, ЎзА