7 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб  “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун билан банклар устав капитали миқдорини 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йилнинг 1 январигача босқичма-босқич юз миллиард сўмдан беш юз миллиард сўмгача ошириб бориш тўғрисидаги талабларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур меъёрнинг киритилиши банкларни капиталлаштириш даражаси ҳамда ресурс базасини ошириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қўшимча кредит бериш имкониятини яратади.

Шунингдек, қонунга кўра норезидентлар томонидан банкларнинг акцияларини олишга нисбатан чекловлар қисман бекор қилинмоқда. Халқаро бозорларда оммавий жойлаштирилган акцияларни сотиб олиш соддалаштирилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонунга киритилаётган ўзгартишлар банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришлар жараёнларида иштирок этишини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 3321-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда суд ҳужжатларини ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бундан 3 йил аввал 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинишига оид соддалаштирилган тартибнинг амалга киритилиши ўзининг ижобий самарасини кўрсатди.

Бироқ ушбу соддалаштирилган тартибнинг суд томонидан қабул қилинадиган қарорларга нисбатан татбиқ этилмаслиги, шунингдек, амалда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жарима миқдорининг юқорилиги фуқароларга иқтисодий томондан қийинчиликлар туғдириб келаётган эди. Бу эса, ўз навбатида, маъмурий жарималарни ихтиёрий равишда тўлашда қийинчиликлар келтириб чиқараётган эди.

Ушбу қонун билан ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.

Энг асосийси, мазкур тартиб эндиликда суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилишининг кўзда тутилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Сенаторлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг жарима юкини янада камайтириш орқали пул маблағларининг иқтисод қилинишига ва жарималарни ижро этиш тизимини янада соддалаштиришга эришилишини таъкидлаб ўтдилар.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга, навбатдаги ялпи мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи барчанинг диққат марказида бўлди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди.

Таъкидланишича, Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан ҳисобот даврида 10 та асосий йўналиш бўйича ишлар амалга оширилган.

Хусусан, мажлисда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилган ишлари эшитилди.

Шунингдек, Омбудсманнинг миллий комиссиялардаги фаолияти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия фаолиятидаги иштироки кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шу билан бирга, Омбудсман фаолиятида айрим камчиликлар сақланиб қолганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.

Жумладан, 2022 йилнинг  иккинчи ярим йиллигида Ягона онлайн платформа орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича Омбудсман фаолияти нисбатан паст баҳоланган.

Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилган таъсир чораларининг самарадорлиги пасайган.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари айрим вилоятларда ташкил этилмаган.

Омбудсман томонидан етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида 2022 йилда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 387 нафар бола оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилмаганлиги, уй-жой берилиши режалаштирилган 25 нафар бола эса уй-жой билан таъминланмаганлиги сенаторлар томонидан ҳақли равишда танқид қилинди.

Мажлисда Омбудсманга энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилган ҳолда такрорий мурожаатларни камайтириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирлари натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.

Шу билан бирга, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг оилаларга ва болалар муассасаларига тўлиқ жойлаштирилиши устидан назорат ўрнатиш, оилаларга берилган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга яратилган шарт-шароитларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ҳисобот даврида вазирлик томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида олий даражадаги 5 та хорижий ташриф ва 200 га яқин турли учрашувлар, онлайн мулоқотлар ташкил этилган.

Олиб борилган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатор ташаббуслари халқаро ташкилотлар доирасида муваффақиятли амалга оширилган. Жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ролига оид резолюцияларни БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан қабул қилди, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши эса “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюциясини тасдиқлади.

Олий даражадаги тадбирлар ва дипломатик муносабатлар доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид 365 та икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжат имзоланган.

Вазирлик иқтисодий дипломатияни тарғиб қилиш, шу жумладан, экспортни кенгайтириш ва мамлакат ҳудудларига инвестицияларни жалб қилиш масалаларига устувор аҳамият берди. Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ маҳаллий маҳсулотлар жаҳоннинг 47 мамлакатига экспорт қилинган (2021 йилда 37 та мамлакат).

2022 йил давомида хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 276 846 та консуллик операцияси амалга оширилган. Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён республиканинг 6 030 нафар фуқароси махсус рейслар орқали Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Сенаторлар инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорлик ҳамда туризмни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифаларга қарамай, бу соҳада ҳал этилмаган айрим муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида илғор, ресурсларни тежовчи технологияларни жалб қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор дипломатик ваколатхоналар етарли даражада фаолият кўрсатмаётгани таъкидланди.

Сенаторлар ҳудудлараро ҳамкорлик ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон шаҳарлари билан қардошлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини тубдан ошириш ва ишлар натижадорлигига эришиш зарурлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ишлар бўйича идораси миллий туристик маҳсулотини оммалаштириш ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида сезиларли чоралар кўриши зарурлиги қайд этилди.

Кенг ва очиқ муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Ушбу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олиб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда бугунги кунда фаолият олиб бораётган 48 та давлат музейи ва уларнинг 73 та филиалида қарийб 2,5 миллион музей ашёлари ва коллекциялари сақланмоқда.

Шунингдек, 6 та нодавлат музей фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда жами 25 мингга яқин музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд. Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони 1,3 миллионни ташкил этмоқда. Республикадаги музейларга 2021 йил давомида 2,4 миллион, 2022 йилда қарийб 3,5 миллионга яқин киши ташриф буюрган.

Сенат томонидан олиб борилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида соҳада ютуқлар билан бир қаторда ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар долзарблигича қолаётганлиги маълум бўлган.

Хусусан, музейлар соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда номувофиқликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан, давлат музейлари, музей қўриқхоналари ва уй-музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Маданий мерос агентлигига ўтказилган бўлса-да, “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида Агентликнинг бу борадаги ваколати белгиланмаган.

Шунингдек, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони 100 дан ортиқни ташкил этмоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби белгиланган бўлса-да, ушбу фондга киритилмаган 1,2 миллионга яқин музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ҳамда сақлашнинг аниқ тартиблари мавжуд эмас.

Давлат каталогининг электрон шаклини яратиш борасида муайян ишлар олиб борилган, аммо Давлат каталогининг босма маълумотлари ҳали шакллантирилмаган.

Музейларга 2022 йил давомида ташриф буюрганларнинг 75 фоизи асосан 6 та музейга, 25 фоизи эса қолган 43 та музей ва уларнинг филиаллари ҳиссасига тўғри келган. Мазкур ҳолат аксарият музейларда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини англатади.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан музейларни аҳолига яқинлаштириш ҳамда имконияти чекланган юртдошларимиз учун ҳам тенг имкониятлар яратиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, сенаторлар томонидан музейларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида олис ва чекка ҳудудларга кўчма кўргазмалар ташкил этиш тизимини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.

Муҳокама сўнгида Маданий мерос агентлигига қайд этилган муаммо ва камчиликлар юзасидан ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўровини юбориш қарори сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори ҳудуд тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Мазкур ҳужжат билан 2021–2024 йилларда Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурстежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида “Йўл харитаси” ҳамда устувор инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.

“Йўл харитаси”нинг 7 та йўналишдаги 71 та тадбир учун турли манбалардан 312 миллиард сўм, 22,2 миллион доллар, 6 миллион еврога тенг маблағлар сарфланиши, шу билан бирга, қарорда 2021–2024 йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳа учун турли манбалардан 1,9 триллион сўмга тенг маблағ жалб қилиниши натижасида 4,5 мингта иш ўрни яратилиши белгиланган.

Ҳозирда “Йўл харитаси”даги 7 та йўналиш бўйича 71 та тадбирнинг 52 таси бажарилган ва 90 миллиард сўм ўзлаштирилган. Қолган 19 та тадбирни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, 16 та тадбир ижро муддатлари 2023 йил якунига қадар узайтирилган.

Жумладан, Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда илмий-тажриба участкаси ва экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган. Нукус туманида “Ақлли қишлоқ” концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплексини қуриш учун 19,3 гектар ер майдонини ажратиш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси инновацион агрохизматлар марказини ташкил этиш ишлари якунланган. Гидрометеорология хизмати маркази томонидан атмосфера ҳавосининг ифлосланишини автоматик мониторинг қилишга ихтисослашган 7 та ускунани ўрнатиш бошланган.

Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилмаганлигини, шунингдек, сақланиб қолаётган бир қатор камчилик ва муаммолар, ўз навбатида, замонавий инновацион технологияларни ўз вақтида жорий этилмаслигига, самарадорлигининг пасайишига, долзарблигининг йўқолишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Муҳокамалар якунида масъулларга қарорда белгиланган қурилиш ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳалар ижросини таъминлаш, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳалар, тадбирлар молиялаштирилишини амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш каби вазифалар юклатилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сенат Сарварбек Азимжонович Рахмонов, Ибрагим Мирзарахимович Алимов ва Азамат Шодмонович Икромовни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 16 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати 

Ахборот хизмати