Айни кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида XIII йиллик инвестиция йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси  ҳам қатнашмоқда.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, бу гал ҳам дунёнинг етакчи инвестиция тадбири сифатида танилган мазкур платформа глобал инвестиция ландшафтидаги тенденция ва имкониятларни муҳокама қилиш учун бутун дунё бўйлаб саноат соҳаси етакчилари, сиёсатчилар ҳамда инвесторларни ўзида жамлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги инвестиция имкониятларини ўрганишга қаратилган бир қатор икки томонлама муҳокамалар ўтказиши кутилмоқда. Ушбу ҳамкорликлар Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, энергетика ва технология каби муҳим соҳалардаги стратегик ташаббусларини илгари суради. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шунингдек, делегация турли учрашув ва сессияларда иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити ҳамда мамлакатда бизнес юритиш шароитларини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашмоқда. Сессиялар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни рағбатлантиришни яхшилаш ва бизнес операцияларининг шаффофлигини оширишга қаратилган сўнгги қонунчилик ислоҳотларини ўзида акс эттирмоқда.

Маълумот ўрнида, инвестиция йиғилиши ўз ишини 9 май куни якунлайди.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,  

ЎзА