Жорий йилнинг 27 апрелидан 7 май кунига қадар Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ёшлар ва 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди.

Чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси ҳар иккала ёш тоифасида тўлиқ таркиб билан иштирок этди. Мусобақа аввалида мутахассислар ёш боксчиларимизнинг чемпионатда ғолиб бўлиш имконияти юқори эканини таъкидлаган эди ва бу фикрлар тўғри эканини чарм қўлқоп усталаримиз қайд этган натижаларда кўришингиз мумкин.

Жумладан, қитъамизнинг 15 давлатидан келган боксчилар баҳсида ёшлар терма жамоамиз 7 та олтин, 3 та кумуш ва 12 та бронза жами 22 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўриндан жой олди. Мезбон Қозоғистон эса 11 олтин, 4 кумуш ва 9 бронза билан биринчи, Ҳиндистон термаси 5 та олтин, 9 та кумуш ҳамда 8 та бронза билан учинчи поғонага жойлашди. Терма жамоамиз медаль жамғаришда Хитой, Эрон, Вьетнам, Жанубий Корея ва Мўғулистон каби бокс спорт тури жадал ривожланган бир қатор мамлакат термаларини орта қолдирди.

Шунингдек, Осиё чемпионатида 22 ёшгача бўлган боксчиларимиз 4 та олтин, 6 та кумуш ва 10 та бронза медали билан кучли учликдан жой олди. Мазкур ёш тоифасида асосий финал жанглари айнан вакилларимиз, Қозоғистон ва Ҳиндистон давлатлари чарм қўлқоп усталари ўртасида ўтди. Умумжамоа ҳисобида медаль жамғаришда мезбон Қозоғистон жамоаси биринчи бўлди. Иккинчи ўрин эса Ҳиндистон термасига насиб этди.

Мазкур ёш тоифасида Осиё чемпионатининг «Энг яхши эркак боксчи»си соврини вакилимиз Жаҳонгир Зокировга топширилди.

Шундай қилиб, бу йилги қитъа чемпионати ўзбек боксчилари учун ёрқин ғалабаларга бой бўлди. Умид қиламизки, бу ёш тоифасидаги чарм қўлқоп усталаримиз келгусида бунданда юқори натижаларни қайд этади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА