Жорий йилнинг 16-17 май кунлари “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида “INNOMET.UZ – 2024” халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтади.

Ушбу анжуманда маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Сарвиноз Шералиеванинг маълум қилишича, ушбу халқаро анжуман металлургия саноатининг равнақида муҳим бўлиб, унда иштирокчилар ўз тадқиқот натижалари, илмий ғоя ва ечимларини тақдим этади.

–Ушбу йирик халқаро тадбир “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятининг  80 йиллиги муносабати билан ташкил этилмоқда. Шунингдек, унда иштирокчилар металлургиядаги инновацион технологиялар, энергия ресурсларини тежовчи технологиялар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, металлургия ишлаб чиқаришда рақамлаштириш, иқтисодиёт ва молиявий ечимлар каби мавзуларда ўзаро мулоқотга киришади ва тақдимотлар ўтказади. Конференцияга металлургия соҳасидаги кўплаб хорижий мутахассислар, экспертлар, вазирлик, корхона ва муассасалар раҳбарлари ҳамда мутахассислари, шунингдек, металлургия йўналишидаги олий ўқув юртлари вакиллари таклиф этилган. Анжуман якуни асосида илмий мақола ва тезислар тўплами нашр этилади, – деди С.Шералиева.

Мазкур илмий-амалий анжуман доирасида меҳмонлар комбинатнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан танишади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА