Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси судлари томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда “Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда қонун устуворлигини таъминлашнинг конституциявий асоси” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган тадбирда суд, прокуратура, адлия, божхона, ички ишлар, солиқ органлари мутасаддилари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, судьялар, Ўзбекистон Судьялар олий мактаби тингловчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай замонавий демократик давлатнинг асоси ҳисобланади. Сир эмаски, айнан Конституцияда белгиланган устувор қоидалар асосида мамлакатда жамият, унинг сиёсий институтлари ва иқтисодиёт тўлиқ ривожланади.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Бу эса, барқарорликка, халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги алоҳида таъкидланди.

Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги таъкидланди.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни 65 фоизга янгиланмоқда.

Семинарда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тўхталиб ўтилиб, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири