Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 28 октябрь куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманида қуриб битказилган «Ашхобод сайлгоҳи»ни бориб кўрган, сайлгоҳ атрофи, унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган эди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан бу ерда замонавий маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг иккинчи босқич қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Умумий ер майдони 12 гектарни ўз ичига олган сайлгоҳда 1 та 1180 метр квадратни ташкил этувчи усти ёпиқ иншоот (indoor) ичида 26 та, 31 та очиқ типдаги ўйин аттракционлари, нуронийлар маскани, музқаймоқ ва салқин ичимликлар ҳамда совғалар шохобчалари қурилди.
Президент Шавкат Мирзиёев олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида “Ашхобод сайлгоҳи”да бўлди.
Сайлгоҳга кираверишда туркман миллатининг мардлик ва жасорат тимсоли бўлган ахалтеке отлари акс этган яхлит композиция барпо этилган. Бу ердаги жиҳозлар туркман миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, қарағай, қрим қарағайи, хинд сирени, эман, каштан, магнолия, аризона кипариси, салвия, мовий арчалар экилган.
Ташриф буюрувчиларнинг кўнгилли хордиқ чиқараши учун ўриндиқлар, велойўлаклар, фавворалар ўрнатилган. Амфитеатр ва кафе ташриф буюрувчиларга мунтазир.
Қурилиш ишларига 24 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳамда 500 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи ходим жалб қилинди.
“Ашхобод сайилгоҳи” замонавий маданият ва истироҳат боғи мажмуасида 180 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, боғ яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.