O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Элликқалъа тумани маданият саройида “Биргаликда очиқ жамият сари!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда сўз олган партия вакиллари Бош қомусимизга киритиладиган жамики ўзгаришларнинг негизида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси мужассам эканини  таъкидлашди.

Биринчи маротаба Бош қомусимизда ҳар кимнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча мавжуд ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, мурожаат этишга ҳақлилиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқи ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланяпти.

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Бундан ташқари, лойиҳада Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчининг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши ўз аксини топмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши ҳам қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Тадбирда  партия фаоллари, тадбиркор ва  ишбилармонлар, фахрийлар, ёшлар барчани халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ бўлмасдан 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирдилар.

Тадбир эстрада хонандаларининг концерт дастури билдан давом этди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА