Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда, ўз сайлов округларида бўлиб, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳиятини аҳоли ҳамда турли соҳа вакилларига тушунтирмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрель санасида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдуми ҳақида маълумот бериб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Хусусан, парламент қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси вакиллари IТ-Парк биносида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги компания, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари иштирокида тарғибот-тушунтириш тадбирини ўтказди.

Тадбирда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

— Бугунги кунда ҳаётимизда рақамли технологияларнинг ўрни ошиб бормоқда, — деди қўмита раиси ўринбосари Д.Ғаниев. —  Аммо, ўз навбатида, рақамли технологиялар воситасидаги сўзлашув ва ёзишмаларнинг ҳимоялангани муаммоси ҳам юзага келмоқда. Шу боис янгиланаётган Конституциямизда ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг фуқароларга Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланмоқда. Зеро, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 2016 йилда 12,1 миллион бўлган бўлса, 2022 йилга келиб икки баробарга, яъни 24 миллиондан ошди. Шу билан бирга, мамлакатимиз аҳоли яшаш масканлари ҳудудининг Интернет тармоғи билан қамрови 2016 йилдаги 28 фоиздан 2022 йилда 98 фоизга етган. Шу боис ушбу соҳадаги тартибларни мустаҳкамлаш, имкониятларни янада кенгайтириш долзарб аҳамият касб этади.

Тадбирда 30 апрелда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдуми ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Ўз навбатида, иштирокчилар ҳам янгиланаётган Асосий қонунимиз юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, муносабатини билдирди. Референдум жараёнларига оид ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилди.

М.Комилова, ЎзА