Бутун ислом дунёсида бўлгани каби мамлакатимизга муқаддас Рамазон ойи кириб келди.

Бу йилги табаррук моҳи Рамазоннинг ҳар қачонгидан ҳам шукуҳи ва файзи унинг меҳр-оқибат, эзгулик, табиатнинг уйғониш айёми Наврўз байрами тантаналарига уланиб, ўзига хос ажиб вобасталик касб этди. Юртимиз аҳли кеча оқшомданоқ таровеҳ намозларини шоду хуррамликда, шукроналикда адо этдилар. Ушбу маъсуд онлар байрам руҳидаги юртимизга янада файз ва тароват бахш этгани шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг  баҳор байрами кунларида эълон қилинган «Муқаддас Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда бу табаррук ойнинг одамлар маънавий ҳаётидаги ўрни нечоғли баланд эканидан дарак беради.

Кейинги йилларда Ватанимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янада ижтимоийлашуви, унда инсон қадр-қиммати устуворлик касб этаётгани аҳамиятлидир. Инсон қадри устун бўлган, эркин ва фаравон истиқболни барпо этишда асрлар оша сайқалланган, синалган эзгу миллий анъаналар, бебаҳо диний қадриятларимизга таяниб иш кўринмоқда. Оддий одамлар муаммоларини ҳал этишга астойдил киришилмоқда.

Юртимиздаги барча ташкилот, вазирлик ва идоралар, уларнинг мутасаддиларининг асосий вазифаси шу масалага қаратилаяпти.

Мамлакат раҳбари томонидан юртдошларимизнинг диний амалларни адо этишида янада кўпроқ енгилликлар яратилмоқда.  Айниқса, Умра сафари учун белгиланган квоталарнинг олиб ташлангани, буюк аждодларимиз меросини ўрганишга доир ишлар ҳажми ортаётгани эътиборга моликдир.

Диний манбаларда  келтирилишича, Рамазон ойи ойларнинг султони, сайиди, энг афзали саналган. Бу ойда эзгу амалларга эътибор янада кучаяди. Гиналар унутилади. Ёмонликнинг йўли тўсилади.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори ҳам муқаддас Рамазон ойининг моҳиятига уйғунлиги билан аҳамиятлидир.

Муқаддас ойда эҳтиёжманд оилаларга, кексаларга, кўмакка муҳтожларга янада кўпроқ эътибор қаратилади. Нуронийлар, беморлар, кўнгли яримлар ҳолидан хабар олиш, уларга далда бўлишга оид ишлар ҳажми тобора кенгаяди. Ибратли, савобли юмушлар янада ортади. Хайрли ишларга рағбат  ортиб, яхшилик йўлида ҳамкорлик кучаяди. Одамлар бир-бирига янада меҳрли, илтифоти бўладилар. Буларнинг бари жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, тинчлик ва тотувлик, одамийлик, эзгулик ва саховат муҳитини тобора мустаҳкамлашга хизмат қилиши аниқ!

 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири