Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатидаги Ҳимолай тоғ тизмаларига туташган Бадлани қишлоғида жойлашган 438-мотоўқчилар полкида ташкил этилган тўртинчи ўзбек–ҳинд ўқув машғулотлари давомида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўзаро уйғунликда жанговар тайёргарлик машғулотларини давом эттирмоқда.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Ҳиндистоннинг 14-Garhwal Rifles батальони ҳарбий хизматчилари билан “Дўстлик–2023” биргаликдаги ўзбек–ҳинд ўқув машғулотларида иштирок этаётган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг ҳар бир куни сермазмун ва сермаҳсул ўтяпти. Дўстона руҳдаги ҳар бир машғулот ҳарбий хизматчиларнинг назарий ва амалий билимлари бойитилиши, кўпроқ тажриба алмашиш ва маҳоратларини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Айни кунларда Ҳиндистон заминида олиб борилаётган ушбу ўқув машғулотларида икки давлат юрт ҳимоячилари ўқ отиш тайёргарлигининг содда ва мураккаб махсус машқларида мерганлик маҳоратини намоён этмоқда.
Тоғли ҳудудда ўқ отиш тайёргарлиги бўйича машғулотларни олиб бориш, рельефнинг нотекисликларида жойлашган нишонларни аниқ мўлжалга олиб отиш ҳарбий хизматчидан пухта тайёргарлик ва кучли билимни талаб этади.
Амалий машғулотларга киришишдан аввал икки мамлакат ҳарбий хизматчилари тоғли ҳудуддаги ҳарбий полигонда ёйилган ўқув нуқталарида Ҳиндистон армиясида қўлланиладиган ўқотар қуролларнинг тузилиши, тактик-техник таснифи ҳамда улар билан муомала қилишни ўрганишдан бошлади.
Шундан кейин автоматдан содда ўқ отиш машқлари, яъни ҳаракатланмайдиган нишонларга қарата пана жойдан ўқ отиш амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, янгича қуролдан илк маротаба ўқ узган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларга нишонларни яксон қилишда ҳеч нарса тўсқинлик қилмади. Йўриқчи сифатида иштирок этган ҳиндистонлик ҳарбий хизматчилар ўзбекистонлик ҳамкасбларининг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб борди.
Навбатдаги бир нуқтадан бажариладиган махсус машқлар икки давлат ҳарбий хизматчиларининг маҳорати ва профессионаллигини намойиш этишга замин яратди. Тоғли ҳудудда жуфт бўлиб ўқ отиш машқларида иштирок этган ҳарбий хизматчилар ҳамжиҳатликда қўққисдан пайдо бўлувчи ва ҳаракатланувчи нишонларни йўқ қилди.
Шундан сўнг икки давлат ҳарбий хизматчилари вертолётдан арқон ёрдамида тушиш махсус машқларида иштирок этди. Бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда машқларни бажарган икки давлат вакиллари 10-20 метр баландликка кўтарилган вертолётдан пастга арқондан сирпанган ҳолда тушишни ҳамда учар техника ҳудудини ҳимояга олишни ҳамкорликда машқ қилишди. Барча машғулотлар техника ва шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда бажарилмоқда.
“Дўстлик–2023” биргаликдаги ўзбек–ҳинд ўқувлари давом этмоқда.
ЎзА