Халқаро бокс ассоциацияси жорий йилнинг 15-26 март кунлари Ҳиндистонда аёллар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати мукофот жамғармасини эълон қилди.

Унга кўра, мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 2,4 миллион доллар этиб белгиланган бўлиб, 12 вазннинг ҳар бирида олтин медаль соҳибаси бўлганлар 100 минг доллар, кумуш медалга сазовор бўлганлар 50 минг доллар ва бронза медалини қўлга киритган боксчи қизлар 25 минг доллар миқдоридаги маблағ билан тақдирланади.

Ташкилий қўмита маълумотида келтирилишича, мазкур жаҳон чемпионатида 77 мамлакатдан вакиллар қатнашиш учун дастлабки талабномаларни тақдим этган.

Халқаро бокс ассоциацияси ушбу чемпионатда қатнашишдан бош тортган бир қатор давлатларнинг боксчиларини мусобақаларда иштирок этиши учун зарур бўлган маблағ билан таъминлашни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси айни кунларда Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» ўқув базасида машғулотларни олиб бормоқда.

Ҳиндистонда кечадиган жаҳон чемпионатида айнан қайси боксчи қизларимиз иштирок этиши ўқув-машғулот йиғинлари якунига кўра эълон қилинади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА