Бугун, 23 февраль куни Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича давом этаётган «Странжа» халқаро турнирида «Токио-2020» Олимпиадаси финалчилари Баҳодир Жалолов ва Камшибек Кункабаев ўртасидаги чорак финал жанги бўлиб ўтади.

Миллионлаб бокс ихлосмандлари диққат марказида бўлган ушбу учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон боксининг энг юқори бокс чўққисидаги тўқнашув кўринишини олиши билан аҳамиятлидир.

Яна бир ўзига хос жиҳат, Жалолов – Кункабаев ўртасида ўтказиладиган бу галги жанг гарчи ярим финал бўлсада, финал даражасидаги баҳслиги ҳамда олимпия боксидаги 2023 йилнинг энг қизиқарли ва шиддатли учрашувларидан бири сифатида ёдда қолиши шубҳасиз.

Турнирнинг бугунги баҳсларида, шунингдек, ҳамюртларимизнинг яна икки нафари қўшни давлат чарм қўлқоп усталари билан жанг олиб боради. 67 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Бекзод Ҳамидов Темирхон Тезек билан, 86 килограмм вазнда медаллар учун курашаётган Шоҳжаҳон Абдуллаев эса Бекзат Танатар билан рўбарў келади.

Бундан ташқари, “кичик жаҳон чемпионати” номи билан машҳур турнирнинг бугунги дастурида терма жамоамизнинг 15 нафар атрофидаги аъзолари қатнашади. Ҳамюртларимиз иштирокидаги барча жанглар қизиқарли бўлишини таъкидлаган ҳолда жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов ва филиппинлик Карло Паалам, Рио олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов ва Европа бокс конфедерацияси шарафини ҳимоя қилаётган Жанис Салоцких, Лазизбек Муллажонов ва нидерландиялик Рик де Нуиер, Шодиёржон Мелиқўзиев ва арманистонлик Барегам Харутюнян, Атҳамжон Муҳиддинов ва германиялик Мурат Йилдирим, Мадиёр Саидраҳимов ва сербиялик Садам Магомедов қарама-қаршилигидаги баҳслар “кичик финал” кўринишини олиши билан аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов қозоғистонлик рақиби билан 7 марта куч синашган. Бундан олти йил муқаддам ҳамюртимиз иккита турнирда имкониятни Кункабаевга тақдим этган бўлса, 2017 йили Тошкентда, 2019 йили Бангкокдаги мусобақаларда ғалабага эришган. Жалолов 2019 йилги Жаҳон чемпионатида, 2021 йили «Токио-2020» Олимпиадасида ҳам қозоғистонлик рақибидан устунлигини яққол намоён қилди. Шу тарзда бугунгача бўлган жанглар ҳолатига кўра, Жалолов–Кункабаев ўртасидаги ҳисоб 5:2 кўринишида енгилмас боксчимиз фойдасига ҳал бўлиб турибди.

Демак, бугун “Странжа” турнирида улар ўртасидаги 8-жанг ташкил этилмоқда.  74-бор ўтказилаётган “Странжа” халқаро турнирининг финал жанглари 25-26 февраль кунлари ташкил этилади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА