Бугун, 22 февраль куни Самарқанд шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида бошланаётган Ўзбекистон чемпионати жорий йил март ойида Албанияда ташкил этиладиган Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган маҳоратли ёш спортчиларни саралаш вазифасини ўтайди.
Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
27 февралга қадар ўғил ва қизлар ўртасида давом этадиган мамлакат биринчилигида юртимизнинг 200 нафардан зиёд ёш оғир атлетикачилари 20 та вазндаги совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Мусобақаларда ўсмирлар ўртасида жаҳон ва қитъа чемпионатлари совриндори Диёр Эрматов, ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионлигига эришган Мадина Файзуллаева, қитъа чемпионати совриндори Дилноза Файзуллаева каби халқаро спорт майдони ҳавосидан баҳра олган спортчиларнинг қатнашаётгани беш кунлик баҳслар ҳар жиҳатдан муросасиз ўтишини англатмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат. Самарқанд спорт супасида кечадиган баҳслар Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) томонидан жорий этилган янгича технология асосида назорат қилиб борилади. Бу, мусобақаларни ҳар жиҳатдан адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлайди.
Мусобақаларни бошқариб боришда 20 нафарга яқин тажрибали ҳакамлар билан биргаликда 10 нафар атрофидаги ёш мутахассислар иштирок этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА