Президентимизнинг жорий йил 16 февралда «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга биноан эндиликда Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиб, улар тайёр бизнес сифатида тадбиркорлик субъектларига берилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маъқулланган таклифига кўра, Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар махсус давлат муассасаси ташкил қилинади.

Қайд этилишича, муассасага ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратган ҳолда давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорлик субъектларига автотураргоҳ профилини ўзгартирмаслик шарти билан сотиш амалиёти жорий этилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш бўйича мазкур бандда назарда тутилган тартибни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Транспорт вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2023 йил якунига қадар Нукус шаҳри ва вилоят марказларида жамоат транспорти тизими инфратузилмасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режаси, уларни амалга ошириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Бунда Тошкент шаҳрида махсус давлат муассасаси ташкил этилиб, унга ер участкалари тўғридан-тўғри ажратилиши кўзда тутилган. Сўнгра автотураргоҳлар профилини ўзгартирмаслик шарти билан тадбиркорларга берилади.

Автотураргоҳларни ўз таннархининг 10 фоиз миқдорида бошланғич қийматида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш имконияти тақдим этилади.

Мазкур жойлар қурилишини молиялаштириш республика ва маҳаллий бюджет даромадларининг режадан орттириб бажарилган қисмидан тенг улушларда амалга оширилади. Биринчи босқичда транспорт воситалари оқими тўпланувчи камида 4 та манзил танлаб олинади.

 Ш.Маматуропова, ЎзА