Пойтахтимизда “Жамиятда илм-фан, технологиялар ва инновацияларнинг барқарор ривожланишида хотин-қизларнинг роли” мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Ушбу тадбир Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар, Рақамли технологиялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Салиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева аёлларни таълимнинг барча босқичлари билан қамраб олиш, илм-фанга кириб келаётган аёлларни фаол қўллаб-қувватлашга устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида илм-фаннинг турли йўналишларида самарали меҳнат қилган етти нафар аёл Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига мушарраф бўлди. Айни пайтда илмий доирада академик мақомидаги аёллар сафи кенгайиб бормоқда.
Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда аёлларни илм-фанга тобора кўпроқ жалб этиш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда “Оқила аёллар” маърифий ҳаракатига асос солингани бу борадаги эзгу ишларнинг амалий натижасидир. Бугун юртимизда аёлларнинг илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳозир дунё бўйича илмий тадқиқотчиларнинг 30 фоиздан камроғини аёллар ташкил этади. Ўзбекистон олималари педагогика, адабиёт, кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда фаол изланмоқдалар.
Бироқ табиий фанлар, математика, инжиниринг, технология, саноат ва қурилиш соҳаларида изланаётган аёллар сафини кенгайтириш долзарбдир. Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни муносабати билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан жорий йилнинг 6-11 февраль кунлари илк марта юртимиз бўйича маърифий ҳафталик эълон қилинди. Унинг доирасида олима аёллар ва илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи хотин-қизлар иштирокида таълим масканлари, маҳаллаларда маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилди.
Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, олий маълумотли хотин-қизлар сафини янада кенгайтириш бўйича муҳокамалар олиб борилди. Шу билан бирга ҳафталик доирасида илмий тадқиқотлар олиб бораётган аёлларнинг илмий лойиҳаларини тарғиб этишга катта эътибор қаратилди.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ю Ю ва бошқалар мамлакатимизда аёлларнинг таълим олиши, илмий иш билан шуғулланишига қаратилаётган эътиборни юксак баҳоладилар. Зеро, аёлларга эҳтиром кўрсатилаётган мамлакатнинг маърифий даражаси юқори бўлиши яхши аён. Бироқ шу билан бирга илм-фаннинг ахборот технологиялари, инжиниринг ва шу каби илғор соҳаларга аёлларни жалб этиш, бу йўналишда гендер тенгликни таъминлаш ғоят муҳимдир.
– Аёлларимиз азалдан илм-фанда фаоллик кўрсатган, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби Ғайрат Баҳодиров. – Фан ривожига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига мушараф бўлган аёлларимиз билан бирга Машҳура Мавлоний, Сайёра Рашидова, Тамара Арипова, Дилором Юсупова каби олималаримиз йирик тадқиқотлар олиб бориш билан бирга шогирдлар тайёрлашда ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар.
–АКТ соҳасида изланаётган аёл ва қизлар учун кўплаб лойиҳа ва дастурларни амалга оширмоқдамиз, – деди Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова. – Рақамли технологиялар ва муҳандислик иши бўйича Тошкент ахборот технологиялари университети, Инҳа, Амити университетлари билан бирга кўплаб малака ошириш машғулотлари, онлайн ва офлайн курслар, АКТ соҳасида фестивалларни ўтказмоқдамиз. Келгусида бу борадаги фаолиятимизни янада кенгайтириш режамиз бор.
Халқаро форумда илмий фаолият олиб бораётган аёллар, тадқиқотчи хотин-қизлар ва вазирлик, идораларнинг мутасадди ходимлари ўртасида самарали илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, олима ва тадқиқотчи аёлларнинг илмий лойиҳаларини амалиётга жорий этишни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири