Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2023 йилги давлат дастурига оид Президент фармони лойиҳасида қайд этилишича, 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокисиз белгиланади.
Натижада йиллик 27 минг нафар фуқаро (25 фоиз) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади. Ногиронликни белгилашда даволаш муассасаларидан касаллик тарихи кўчирмалари электрон қабул қилинади ҳамда ушбу маълумотлар асосида ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
Шунингдек, 2023 йил 1 мартга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси киритилиши мумкин. Унда фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан воз кечилиб, унинг ўрнига жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилашга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва уларнинг соғлиғини қайта тиклашга эътибор қаратилади.
Мустақил ҳаракат қилиш имконияти бўлмаган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларга (жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданият ва томоша муассасаларига) монеликсиз кириши учун қулай шароитлар яратилиши белгиланган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай форматлардаги ахборот технологияларидан фойдаланиши, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратишга эътибор қаратилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА