Туркияда зилзила қурбонларига эълон қилинган етти кунлик мотам туфайли мамлакатнинг барча ҳудудида ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналарида Давлат байроқлари туширилди, деб хабар бермоқда Anadolu агентлиги.
Аввалроқ Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған табиий офат қурбонларига етти кунлик миллий мотам эълон қилган эди.
“Эълон қилинган мотам туфайли Туркиянинг барча ҳудудида ҳамда хориждаги ваколатхоналарида Давлат байроғи 12 февраль куни қўёш ботишига қадар туширилган бўлади”, дейилади хабарда.
Туркия фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармасининг зилзилалар ва хавфларни камайтириш бўлими бош директори Ўрхон Татарнинг маълум қилишича, зилзила қурбонлари ҳозиргача 3,3 минг кишидан ошган.
«Айни пайтгача қурбонлар сони 3 минг 381 кишини ташкил этмоқда, 20 минг 436 киши жароҳат олган», — деди у журналистларга.
Унинг айтишича, жами 5 минг 575 та бино қулаб тушган.
Аввалроқ 2 минг 921 киши ҳалок бўлгани, қарийб 16 минг киши жабрлангани айтилган эди.
Туркия Фавқулодда вазиятлар давлат департаментининг аниқлик киритишича, зилзила душанба куни тонгда маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида содир бўлган. Шундан сўнг ер силкинишлари ярим соат давомида турли ҳудудларда – Адана, Анқара, Анталья, Газиантеп, Қайсари, Мерсин, Трабзон, Шонлиурфа ва бошқа шаҳарларида давом этган.
“Al Arabiya” телеканалининг қайд этишича, ер силкинишлари Ироқ, Сурия ва Ливаннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.
Сўнгги хабарларга қараганда, туркиялик об-ҳавошунослар зилзила рўй берган ҳудудларда қор ва ёмғир ёғишини маълум қилишган.
«Об-ҳавошунослар сешанба куни Туркиянинг жануби-шарқий қисмида, яъни зилзила рўй берган минтақада қалин қор ва ёмғир ёғишини прогноз қилмоқда», – дейилади телеканал берган хабарда. Экспертларнинг таъкидлашича, об-ҳавонинг ёмонлашуви қутқарув-қидирув ишларини анчайин қийинлаштиради.