Куни кеча Президентимиз расмий давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлиб қайтди. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасида доимий дўстона алоқалар йўлга қўйилган.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида эса парламентлараро ҳамкорликни янада кучайтириш, жумладан, бу борадаги ўзаро тажрибани ўрганиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган экспертларнинг фикрлари, таклиф ва тавсияларини олиш, таҳлил ва муҳокама қилиш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Айнан шу мақсадда Олий Мажлис Сенатида “Ўзбекистон – Қирғизистон: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбати давомида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Матмуратов, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Толибжон Мадумаров ва Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Анвар Туйчиев маъруза қилди.

Хусусан, тадбир давомида 1993 йилда Ўзбекистон ва Кирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўзаро манфаатли сиёсий ва иқтисодий шериклик йўлга қўйилгани, шу йил 26-27 январь кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Ўз навбатида, сенатор А.Туйчиев Ўзбекистон ташқи сиёсати борасида чет эл мамлакатлари, биринчи галда қўшни давлатлар билан очиқ, конструктив, ўзаро манфаатларга асосланган ислоҳотларни амалга ошираётгани, бу ўз навбатида, Марказий Осиё минтақасида янги сиёсий муҳит яратилишига хизмат қилиб, парламентлараро алоқаларда ҳам ўз аксини топаётгани, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлиги турли йўналишларни қамраб олган ҳолда жадал тараққий этаётганига атрофлича тўхталиб ўтди.

Шунингдек, М.Қодирхонова барча соҳада аёлларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглик масалаларида икки парламент ўртасида ҳамкорликда амалга оширилаётган фаолият натижаларига барчанинг эътиборини қаратди.

Маърузалардан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Қирғизистон Республикаси парламенти” тўплами тақдимоти ўтказилди. Мазкур тўпламда Қирғизистон парламенти, унинг бошқарув аппарати, қўмиталари ва бошқа таркибий тузилмалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссияси фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижалари ўз ифодасини топгани қайд этилди.

 

ЎзА