Бирлашган Араб Амирликларнинг етакчи расмий ахборот агентлиги – “WAM” сайти, мамлакатнинг “Ал-Халиж” нашри ва бошқа кўплаб ОАВ саҳифаларида айни кунларда ушбу давлатда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирокидаги тадбирлар кенг ёритилмоқда. Жумладан, Шайх Зайд масжиди зиёрати давомида мажмуа бош директори доктор Юсуф Ал-Обайдлий делегацияга масжиднинг тарихи ва таърифи ҳақида маълумот бериб, ўзбекистонлик мартабали меҳмонга марказ нашри – “Нур фазолари” китобини совға қилди. БАА Хотин-қизлар иттифоқи раиси, Оналик ва болалик масаласи бўйича Олий кенгаш раҳбари, Шайха Фотима бинт Муборак билан мулоқотига ҳам матбуотда кенг ўрин ажратилган. “Ал-Баҳр” саройида бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасидаги дўстликни акс эттирган самимий суҳбат кечди. Материалларда Ўзбекистон ва БАА аёллар, болалик ва оила масалалари билан шуғулланувчи муассаса, идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш имконияти муҳокама этилганига эътибор қаратилган.

БАА ОАВ эътирофича, Т.Норбоева БААнинг аёллар ҳуқуқини таъминлаш борасидаги ютуқларини юқори баҳолаган. Давлат томонидан болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни тарбиялаш ва келажакка тайёрлаш, ёшлар ҳуқуқини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни урғулаган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА