Ўзбекистон Республикаси Президенти “Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарор чин маънода пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатни йўлга қўйиш, пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қайта ишловчи корхоналар фаолияти самарадорлигини янада ошириш имконини беради.

Унга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кластерлар фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда маҳсулот етиштирувчиларга ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонунчиликда назарда тутилмаган чекловлар киритган мутасаддиларга белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилади. Шунингдек, кластерларга тўрт томонлама битим доирасида олинган мажбуриятлардан ташқари қўшимча мажбуриятлар юклаш ҳам тақиқланади.

2023 йил ҳосилидан бошлаб:

а) ҳар йили 1 октябрга қадар пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликлари билан келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилади;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Нью-Йорк биржаси пахта толасининг ўртача ойлик фьючерс котировкалари таҳлилини ўзининг расмий веб- сайтида эълон қилиб боради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида пахта-тўқимачилик кластерларини жалб этган ҳолда ғўзанинг энг ҳосилдор навларини четдан олиб кириш, белгиланган тартибда қатъий карантин ҳимояси остида изоляцияланган муҳитда селекция мақсадлари учун синовдан ўтказишга рухсат берилади.

2023 йилдан бошлаб, хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи, пахта хомашёси етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.

2025 йил 1 январга қадар импорт қилинадиган минерал ўғитларга божхона божининг «ноль» ставкаси қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2023-2025 йилларда пахта етиштиришда замонавий илм-фан ютуқлари, илғор хорижий тажрибаларни фермер хўжаликларига жорий этиш учун қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий агрохизматлар марказларига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилади.

Иқдисодиёт ва молия вазирлиги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан пахта хомашёси етиштиришга минерал ўғитлар ва бошқа моддий ресурсларни ўз вақтида жамғариш учун пахта-тўқимачилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари буюртмасига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлайди.

ЎзА