Кейинги тўрт ой давомида дунёнинг учта мамлакатида ҳаёт учун хавфли бўлган йўталга қарши ичиладиган болалар сиропи аниқланди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус журналистларга маълум қилди. Хабар ЖССТ сайтида эълон қилинмоқда.

Унинг таъкидлашича, ўтган йилнинг октябрь ойида ЖССТ Гамбия бўйича, ноябрда Индонезия бўйича, январь ойи бошида Ўзбекистон бўйича тиббий тавсиялар эълон қилди. Ушбу мамлакатларда болалар орасида ўлим ҳолатларига сабаб бўлувчи таркибида зарарли химикатлар бўлган сироплар аниқланган.

«Аксарият ўлим ҳолатлари беш ёшгача бўлган болалар орасида юз берган. Саноатда эритувчи сифатида ишлатиладиган заҳарли химикатлар ва антифризлар оз миқдорда бўлсада барибир ҳаёт учун хавфли ҳисобланади ва улар ҳеч қачон дориларга қўшилмаслиги керак», – дейилади хабарда Гебрейесус.

Шу ҳафта ЖССТ мамлакатларга тезкор огоҳлантириш эълон қилди. Унда ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар сифатсиз дори-дармонларнинг бозорга чиқарилишига йўл қўймаслик чораларини кўришга, шунингдек, бундай кўнгилсиз ҳолатларни ўз вақтида аниқлаб, унга қарши муносабат билдиришга чақирилган.

Антифриз – совуқда музламайдиган суюқлик ҳисобланади. Ундан совуқ пайтлари ишлаётган ички ёнув двигателларнинг совитиш тизими музлаб қолмаслиги, авиацияда музлатмайдиган суюқлик ва ойналарни тозалаш учун восита сифатида фойдаланилади.