Қишда об-ҳавонинг илиқ келгани Европани энергетика инқирозидан қутқармоқда. Шунингдек, энергияни тежаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳам вазиятнинг барқарорлашишига ёрдам бермоқда, деб ёзмоқда Bloomberg агентлиги.
Бундан ташқари, инқирознинг энг оғриқни давридан ўтишда ерости омборлари ўз вақтида тўлдирилгани ва етказиб берувчилар тармоғининг кенгайтирилгани ҳам қўл келган. Экспертларнинг таъкидлашича, Европада инқирознинг энг ёмон даври ортда қолди.
«Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши ёки етказиб беришдаги узилишлар хавфи ҳалиям сақланиб қолаётганига қарамай, Европа бу йилги қишни ҳамда навбатдагисини ҳам талафотларсиз ўтказишига умид ортмоқда», – дейилади агентлик тарқатган мақолада.
Евроиттифоқ ҳозир Россиядан кўмир ва нефть олмаяпти, газ импорти ҳам сезиларли равишда камайган. Украина можароси бошлангунга қадар Европа Россия газининг 40 фоизини сотиб оларди, энди бу кўрсаткич 8 фоиздан ҳам пастлаган.