БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк халқаро ҳамжамиятни бошқарманинг жорий йилдаги фаолиятини қўллаб-қувватлашга чақириб, мавжуд эҳтиёж учун 452 миллион доллар зарурлигини таъкидлади.
Маълумотга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқарма фаолияти 40 фоиз БМТ бюджетидан, 60 фоиз ихтиёрий бадаллар ҳисобидан молиялаштирилади.
“БМТ янгиликлари” портали хабар беришича, Олий комиссар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги нишонланадиган йилда халқаро ҳамжамият томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси (ИҲББ) фаолияти етарли даражада молиялаштирилишига умид билдирди. Бу маблағлар, унинг таъкидлашича, ташкилотга аъзо давлатлар ва ҳамкорлар сўрови, эҳтиёжига жавоб бера олади.
Фолькер Турк бошқарма фаолиятига ўтган йил 240 миллион 800 минг доллар ҳисса қўшган 87 нафар ихтиёрий донорга миннатдорлик билдираркан, ўтган йилги талабнинг фақат 60 фоизи молиялаштирилганини ҳам афсус билан қайд этди. ИҲББда маблағ етишмаслиги туфайли дунёнинг кўплаб минтақаларида амалиёт қисқарган, аъзо мамлакатларнинг баъзи техник ёрдам сўровига тўлиқ жавоб бериш иложи бўлмаган.
ЎзА