Сўнгги пайтларда Европа Парламентидаги коррупция можароси хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар аниқланаётгани ҳақидаги хабарлар депутатларнинг қанча маош олишини очиқланишига олиб келди, дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, Европарламентда депутатлар қанча маош олади?

Куни кеча парламент сайтида эълон қилинган хабарга кўра, депутатлар ватанидан қатъи назар бир хил, яъни ойига 9 минг 808 евро 67 цент иш ҳақи билан таъминланади. Бироқ, турли мамлакатларда солиқлар сезиларли даражада фарқ қилгани боис ўртача маош 7 минг 300 евро бўлиб қолаётгани тасдиқланган.

Euronews агентлигининг ёзишича, депутатлар ҳар хил турдаги компенсация олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, агар депутат йиғилишларни ўтказиб юборса, бу ойлик иш ҳақига таъсир ўтказмай қўймайди.

Ҳар бир депутатнинг саёҳат харажатлари қоплаб берилади, қўшимча равишда ватанидан ташқарида ишлаётганларга устама ҳақ берилади, фақат у йилига 4 минг 700 евродан ошмаслиги керак.

Яна бир маълумот: телефон, интернет, иш юритиш материаллари ва бошқа шу каби офис жиҳозлари учун деярли бир хил миқдорда маблағ ажратилади. Брюссель ёки Страсбург шаҳарларида фаолият юритаётган вакил турар жой учун кунлик 338 евро олади.

Дарвоқе, 63 ёшидан бошлаб собиқ депутат Европа бюджетидан пенсия олиш ҳуқуқига эга: ҳар бир тўлиқ ишлаган йили учун ойлик иш ҳақининг 3.5 фоизини олади.

Тан олиш керак, Европа минтақасида кун кечириш осон эмас, боиси иқлим шароити,  сув ресурслари билан боғлиқ масала жиддий муаммо саналади. Шунингдек, мазкур минтақада солиқ ставкалари ва озиқ-овқат нархлари анча баланд. Шу маънода, Ўзбекистондаги ойлик иш ҳақини Европа билан таққослаш ўринсиз.


Б.Худойбердиев,

ЎзА