2022 йилда Туркия 47 давлатнинг ҳар бирига бир миллиард доллардан ошириб экспорт қилди, бу ўтган йилга нисбатан тўрттага кўпайди. Бу ҳақда Туркия экспортчилар ассоциациясига таяниб, “Анадолу” агентлиги хабар қилди.

Ўтган йили Туркиянинг жами экспорти 12,9 фоизга ортиб, рекорд даражадаги 254 миллиард 209 миллион 535 минг долларга етди.

Жанубий Африка, Беларусь ва Туркманистон биринчи марта бир миллиард доллардан ортиқ турк маҳсулотлари етказиб берилган давлатлар қаторига кирди. Жами 47 давлат билан Туркия экспорти ҳажми 189,3 миллиард долларни ташкил қилди.

Туркия маҳсулотларини импорт қилувчи илғор учликка Германия (18,91 миллиард доллар), АҚШ (14,36 миллиард) ва Буюк Британия (12,25 миллиард доллар) киради.

Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида 11,3 миллиард долларга етган.

Статистик маълумотларга кўра, Қозоғистон (4,7 миллиард доллар) бу даврда Туркиянинг Марказий Осиё мамлакатлари орасида асосий савдо шериги ҳисобланади.

Ўзбекистон билан товар айирбошлаш 3,3 миллиард долларга етган. Кейинги ўринларни Туркманистон (1 миллиард), Қирғизистон (953,1 миллион доллар) ва Тожикистон (497,9 миллион доллар) эгаллайди.

 

ЎзА