Ён қўшни – жон қўшни
“Қозоғистон илм-фанига давлат ёрдами керак”. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида бош вазир ўринбосари Алтай Кулгинов маълум қилди, деб хабар беради “Казинформ” мухбири.
– Илмий жамоа, олий ўқув юртлари ректорлари ва устозлар томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Биз рақамлаштириш, ўқитувчиларимизнинг малакасини ошириш, келажакда кадрларга бўлган эҳтиёжни тўғри прогнозлаш, зарур бўлган янги мутахассисликлар ҳақида қарор қабул қилинадиган режаларни муҳокама қилдик. Рақобатбардош бўлиш учун жуда кўп ишлашимиз керак. Энг муҳими, ушбу илмий тадқиқотлар амалий қўлланилишига шароит яратишимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг аниқ кўрсатмалари илм-фанни ривожлантиришга қаратилган, деди Алтай Кулгинов.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, энг муҳим вазифа қозоғистонликларнинг фанга кўпроқ келиши бўлиб қолмоқда.
“Давлат маблағлари ажратилмоқда, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг маошлари оширилмоқда, илмий изланишлар, стартап лойиҳалар учун грантлар ажратилмоқда. Биз бизнес ва илм-фан мувофиқлаштирилган тарзда ҳамкорлик қилишни истаймиз”, деди у.
Навбатдаги муҳим масала, Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ёшлар замонавий билим олишлари зарур.
– Олий ўқув юртларининг замонавий лабораториялар, янгиланган кутубхоналар билан таъминланиши, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини мунтазам ошириб бориши муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда 20 та олий ўқув юрти негизида академик таълим марказларини ташкил этиш бўйича пухта ишларни амалга ошириш зарур. Бу ишлар 2021 йилда бошланганига қарамай, биз ҳалигача реал натижаларни кўрмаяпмиз. Чунки вазирлик олий ўқув юртлари билан тайёргарлик ишларини ўз вақтида бажармаган. Биз уни яхшилашимиз керак, деди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА