БАА вице-президенти, Бош вазир ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум мамлакат иқтисодиётининг ҳажмини икки баравар оширадиган юздан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутадиган Дубай Иқтисодий дастурини (D33) эълон қилди.

“The National” хабар қилганидек, дастурга кўра, 2033 йилга бориб Дубай дунёдаги иқтисодий жиҳатдан энг кучли шаҳарлар учлигига ва сайёрамизнинг асосий молиявий марказларининг биринчи тўртлигига кириши керак.  D33 режаси БАА 65 минг фуқаросини меҳнат бозорига олиб киришга ёрдам беради, шу билан бирга янги университетлар кампусларини очади ва олий таълим секторини ривожлантиради.

Бизнес-инкубаторлар, шунингдек,  Sandbox Dubai дастури доирасида 400 та энг истиқболли маҳаллий компаниялар ўсишини қўллаб-қувватлайди.

Шу тариқа, Дубай иқтисодий кун тартиби юзта трансформацион лойиҳаларни, умумий қиймати 32 триллион дирҳам бўлган иқтисодий ташаббусларни, ташқи савдо ҳажмини  25 триллион дирҳамга ошириш  ва Дубайни дунё бўйлаб 400 та янги шаҳарлар билан боғлаш учун савдо йўлакларини  қуриш бўйича режаларни  ўз ичига олган.

Дубай 700 миллиард дирҳамдан ортиқ қийматдаги тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилади. Фақатгина амирликнинг рақамли трансформацияси ғазнага ҳар йили 100 миллиард дирҳамдан ортиқ даромад  келтиради.

Дубай ҳукмдори ушбу ташаббусга Амирликда истиқомат қилувчи уч минг сармоячини қўшилишга таклиф қилди.  Бугунги кунда Нью-Йорк, Лондон ва Гонконг, шунингдек, Шанхай, Сингапур ва Сан-Франциско шаҳарлари  етакчи молия марказлари ҳисобланади.

Г. Абдуллаева тайёрлади, ЎзА