Сенат “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Ушбу қонун билан амалдаги Божхона ва Солиқ кодексларига, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилади. Бу имтиёз натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 14 триллион сўм миқдорда маблағ қолади, тадбиркорлар бу рағбат орқали ўз фаолиятларини янада кенгайтириш имконига эга бўладилар.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга товар айланмаси 500 миллион сўмгача бўлганда йилига 20 миллион сўм, 500 миллион сўмдан юқори бўлганда 30 миллион сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади. Бунда солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини мажбурий юритиш ва айрим ҳисоботларни топшириш ҳамда соф фойдасидан дивиденд солиғини тўлашдан озод этилади.

Қонунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар ҳам назарда тутилиб, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтирилиши белгиланмоқда. Кичик бизнесдан ўрта бизнес тоифасига ўтган тадбиркорлар учун 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.

Солиқ тўловчиларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини қоплашга йўналтирганда солиққа тортилмайдиган даромадлар миқдорини амалдаги 15 миллион сўмдан 73,6 миллион сўмгача оширилади.

Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундиришга қаратишнинг белгиланган муддати амалдаги 30 кундан 60 кунгача узайтирилади.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун солиқ тўловларини 6 ойга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам берилади.

Бундан ташқари, бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, cув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари, акциз солиғи, айрим солиқлар бўйича ставкалар инфляция даражаси доирасида индексация қилинади.

 

ЎзА