Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки олий таълим мамлакатимизнинг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланиб бораётган бир даврда ҳар бир ёш яратилган шароитлардан самарали фойдаланган ҳолда талаба бўлишни орзу қилади.
– Мен ҳам жорий йили эзгу мақсадимни амалга ошириш илинжида ҳужжатларимни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалига ўқишга топширдим, – дейди ветеринария медицинаси йўналишининг 1-босқич талабаси Улбосин Сулейменова – Аммо, тўплаган балим бироз камлик қилди. Лекин, 16 сентябрь куни ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий йилда ҳам шаҳар ва туманлар учун зарур бўлган мутахассисликлар сони ва кадрларнинг ички заруратидан келиб чиқиб, қорақалпоғистонлик ёшларга 10 минг қўшимча квота ажратилганлиги ҳақида қорақалпоғистонлик ёшлар учун хушхабар эълон қилинди. Энг қувонарлиси, ушбу бахтиёр тенгдошларим орасида менинг ҳам бор эканлигимни тасдиқловчи рўйхатни кўрганимда кўзларимдан қувонч ва шукроналик ёшлари чиқди.
Президентимизнинг эзгу ташаббуси билан ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилиши, айниқса, уларни олий таълимга қамраб олиш борасида амалга оширилаётган мана шундай эзгу ишлар Қорақалпоғистондаги минглаб ёшлар ва оилаларга катта шодлик ва янги умид бағишламоқда. Ўтган йили ҳам мазкур фармон асосида Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшовчи ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун давлат гранти асосида қўшимча 3 минг квота, тўлов-контракт асосида қўшимча 6500 квота ажратилганида ва мана шу квота асосида ўқишга қабул қилинган ёшлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ўз таассуротларини баён этганида тўғрисини айтсам, мен буни баландпарвоз гаплар деб ўйлагандим.
Мана, орадан бир йил ўтиб, айнан ўзимга мана шундай бахт туҳфа этилиб, қўшимча квота асосида талабаликка тавсия этилганимда Президентимизнинг қорақалпоғистонлик ёшларга ғамхўрлиги ва алоҳида эътиборининг том маънода исботини кўрдим. Мен каби минглаб ёшларнинг энг беғубор орзулари рўёбга чиқишига умид бағишлаб, уларга талабалик бахтини туҳфа қилган ва олий мақсадлари сари дадил қадамлар билан интилишига мотивация берган давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлигимни билдираман. Албатта, ота-онам хушхабарни эшитиб, ўзимдан икки карра кўпроқ қувонди. Онажоним шодликдан кўзларига ёш олиб, юртимиз тинч ва ҳаётимиз фаровон бўлишини, ёшларимиз илмли, салоҳиятли кадрлар бўлиб етишиб, ватанимиз равнақига ҳисса қўшишини ният қилиб, дуо қилди.
Энди мен ўзим ўқишни орзу қилган Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали Ветеринария медицинаси йўналишининг талабасиман. Қўшимча квота асосида тенгдошларим каби талабалар сафига қабул қилиндим. Менга билдирилган мана шундай имконият зиммамда катта масъулият ва жавобгарлик юкини чуқур ҳис қилишимга туртки бўлади. Давлатимиз томонидан билдирилган ишончни оқлашга бор куч-ғайратимни сафарбар этишга астойдил интиламан.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.