Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасига, айниқса, ёшларнинг юқори даражада билим эгаллашига катта эътибор қаратилмоқда.
Келажагимиз эгалари орасидан қобилиятли ва билимли ёшларни аниқлаш, уларни ўзлари қизиққан фанларга чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш мақсадида ҳар бир ҳудудда очилган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари билан бир қаторда куни кеча ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга йўналтирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаби Нукус филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Қисқа вақт ичида мазкур мактабда бюджет маблағлари ҳисобидан 61 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди, сифатли таълим учун барча қулай шароит яратилди. 52 та ўқув, 10 та компьютер хонаси, 6 та лаборатория, 9 та хорижий тиллар хонаси, 250 ўринга мўлжалланган фаоллар зали, спорт зал, кутубхона ва 252 ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида.
Ҳозирда таълим масканида жами 428 нафар иқтидорли ўғил-қиз сабоқ олмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА