ФОТОРЕПОРТАЖ
Жоллибой Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида тасвирий ва амалий санъатга қизиқиши баланд ўғил-қизлар таҳсил олади.
Ушбу таълим маскани 2016 йилда янги замонавий бинога эга бўлди. Ҳозирда бу ерда ўқитувчи ва ўқувчилар учун барча қулай шароит яратилган. “Дастгоҳли рангтасвир рассоми”, “Театр саҳна безаги рангтасвир рассоми”, “Либослар дизайни”, “Бадиий каштачилик уста рассоми”, “Бадиий кулолчилик уста рассоми”, “Бадиий ёғоч ўймакорлиги уста рассоми” каби мутахассислик йўналишларида жами 300 дан зиёд ўқувчи билим ва маҳорат оширмоқда.
Таълим масканида таниқли рассомлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ рассоми, академик Жоллибой Изентаев ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Бадиий академиясидан маъсул вакиллар иштирок этди.
Тадбирда Жоллибой Изентаевнинг қорақалпоқ рангтасвир санъат мактабини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, такрорланмас истеъдод эгаси бўлган рассом Жоллибой Изентаев ўз асарларида она Ватан, Орол денгизи, кўнгли пок ва сахий юртдошларимиз образи, халқимиз маданияти ва гўзал табиатининг бетакрор кўринишларини тасвирлаган. Рассом 1983 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат мукофоти, 1992 йили Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, 1997 йили Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, шунингдек, 2000 йили Ўзбекистон халқ рассоми унвони билан тақдирланган. Ижодкор асарлари нафақат мамлакатимизда, балки Франция, Россия, Болгария, Германия, Словения, Миср давлатларида ўтказилган нуфузли бадиий кўргазмаларда ҳам намойиш этилган.
Бугунги кунга келиб рассомнинг рангтасвир асарлари шахсий коллекцияларда, мамлакатимиз ҳамда Европа давлатлари музей ва галереяларида сақланиб келинмоқда.
Тадбир давомида иштирокчилар мактаб-интернати ўқувчилари томонидан тайёрланган қизиқарли концерт дастури намойиши, шунингдек рангтасвир ва амалий ҳунармандчилик ишлари кўргазмаси билан яқиндан танишди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА