Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури томонидан амалга оширилаётган Ислом тараққиёт банки, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификация қилишда инновацион ёндашувлар” ва “Замонавий фермерлик технологиялари. Агроэкспорт ва логистика” мавзуларида семинар-тренинг ташкил этилди.
“Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вакиллари, деҳқон-фермер хўжаликлари раҳбарлари ва манфаатдор соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда халқаро даражадаги экспертлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг замонавий усуллари ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, экин экишдан олдин, нима етиштирилишини, маҳсулот навларини мақсадга мувофиқ тўғри танлаш, унинг бозори ва харидорини ўрганиб чиқиш, тупроқ таркибини ўрганиш ва таҳлил қилиш, иссиқхона ва томорқаларни экишга тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўқув машғулотлар давомида маҳаллий фермерларга ўз хўжаликларини яхшилаш, ўзгарувчан иқтисодий ва иқлим шароитларига мослашиш юзасидан амалий билим берилиб, зарур воситалар билан таъминланди. Иштирокчилар даромадларини оширишга ёрдам берадиган замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.
Тадбир якунида тингловчиларга ташкилотчилар томонидан махсус сертификатлар топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА