Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида мавжуд бўлган Беруний туманлараро судининг 2024 йил 5 февраль кунги ижро варақасига асосан қарздор “Amudaryotex” масъулияти чекланган жамиятдан ундирувчи акциядорлик-тижорат “Агробанк” фойдасига 43 миллиард 544 миллион 607 минг 381 сўм кредит қарз ундириш белгиланди.
Ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан қарздор масъулияти чекланган жамиятнинг асосий банк ҳисоб рақамига электрон инкассо қўйилди ва унинг номидаги жами 10 та кўчмас мулкка таъқиб ўрнатилди. Бўлим давлат ижрочилари томонидан жорий йилнинг 19 сентябрь куни олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида қарздордан жами 35 миллиард 176 миллион 846 минг сўм ундирилишига эришилди.
Ҳозирда қарздорликнинг қолган қисмини ундириш чоралари кўрилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.