Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда дизель ёқилғиси талон-торож қилинишининг олди олинди.
“T.N.B.” масъулияти чекланган жамият Қўнғирот филиали цех мудири З.М. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган 2 минг 222 литр дизель ёқилғисини ҳеч қандай ҳужжатсиз филиалга тегишли ёқилғи ташувчи автомашинасида “K.Sh.” масъулияти чекланган жамиятга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ушланди. Ушбу дизель ёқилғиси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.