Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 август кунги “2023 – 2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани узумчиликка ихтисослаштирилди.
Бугунги кунда туманда янги истиқболли саноатбоп узум навларини кўпайтириш ва етиштиришни йўлга қўйиш, маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманда 682 гектар майдонда узумзор мавжуд бўлиб, йил якунига қадар ушбу майдонлардан 2000 тонна узум етиштириш режа қилинган. Айни кунларда ҳосилни йиғиш ишлари амалга оширилмоқда.
“Элликқалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Отахон Реймов” боғдорчилик фермер хўжалигининг умумий майдони 7,5 гектар бўлиб, шундан, 2,5 гектарини узум боғи ташкил қилади. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида фермер хўжалигида 50 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона ташкил қилинди.
Туманда бугунги кунда жами 629 гектар майдонда мевали боғ мавжуд бўлиб, йил якунига қадар ушбу майдонлардан 5 минг 380 тонна мева олиш режа қилинган. 2023 йилда жами 1,5 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулоти экспорт қилинган бўлса, ушбу кўрсаткични 2 баробарга етказиб, йил якунига қадар 3 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулоти экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Шу билан бир қаторда туманда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида 512 гектар майдонга сабзавот, 203 гектар полиз, 1 минг 500 гектар мош, 150 гектар майдонда мойли экин экилган бўлиб, бугунги кунда ушбу экинларни парваришлаш ишлари олиб борилмоқда. Етиштирилган маҳсулотларни асосий қисмини экспортга чиқариш бўйича Россия ҳамда Қозоғистон давлатлари билан экспортёр корхоналар ўртасида шартномалар имзоланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.