ФОТОРЕПОРТАЖ
И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳайкалтарошлик санъатининг йирик вакилларидан бири, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти соҳиби Жолдасбек Қуттимуратовнинг 90 йиллигига бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Кўргазма очилиш маросимида таниқли рассомлар, санъатшунослар, педагоглар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар ижодкорнинг умр йўли, ҳайкалтарошлик санъатини ривожлантиришдаги хизматлари ва яратган ноёб асарлари тўғрисида маълумот берди.
Музей экспозиция залларида ҳайкалтарошнинг “Келин” (1965-1967), “Амударё” (1968), “Гулдурсин” (1983), “Сув шивири” (1989), “Орзу” (1960) каби машҳур асарлари намойишга қўйилган.
Ж. Қуттимуратов ижодига чуқур эътибор қаратадиган бўлсак, унинг асарларидаги асосий мавзу аёллар сиймосини тасвирлашга қаратилганини англаймиз. У қорақалпоқ аёлларининг бетакрор гўзаллигини акс эттирувчи образларни ўзининг бир қанча асарларида мужассам этган.
“Амударё” ҳайкали ижодкорнинг энг машҳур асарларидан бири бўлиб, унда афсонавий дарё аёлнинг боши шаклида акс эттирилган. Ҳайкалтарош дарахтнинг илдизидан фойдаланиб, аёлнинг гўзал, маъсума юзини тасвирлаган, унинг юқорига кўтарилган сочлари эса ҳар қандай инсонни чуқур фикрлашга ундайди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА